News

«Дилбар» атрофидаги шов-шув. Дунёдаги энг қиммат яхталарга кимлар эгалик қилади?

[ad_1]

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Европа Иттифоқи нафақат Россияга, балки бу давлат фуқаролигига эга бўлган бойларга ҳам санкциялар қўллай бошлади. Шу жумладан Алишер Усмоновга ҳам. Энди унинг Ғарбдаги мол-мулклари, хусусан қимматбаҳо яхтаси хатловга тушиш хавфи остида қолмоқда.

Фото: Kun.uz

Бугун дунёдаги аксарият бойлар қатори россиялик миллиардерлар ҳам жуда ҳашаматли ҳаёт кечиришади. Хусусий самолётлар, миллионлаб долларга баҳоланадиган кўчмас мулклар, қимматбаҳо яхталар уларнинг ташриф қоғозига айланиб улгурган. Шу жумладан, россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг ҳам. Бу шахс дунёдаги энг йирик ва қимматбаҳо яхталардан бири бўлган Dilbar’га эгалик қилади.

Алишер Усмоновга тегишли Dilbar яхтаси / Фото: www.alamy.com

Dilbar Алишер Усмоновнинг биринчи қимматбаҳо яхтаси эмас. У Dilbar’дан аввал бошқа яна бир қимматбаҳо яхтага эгалик қилган. Унинг номи ҳам Dilbar бўлган. 2016 йилда ҳозирги яхтаси қурилгач, уни Dilbar деб номлайди ва аввалги яхтасининг номини Ona деб ўзгартиради. Кейинчалик Ona сотувга қўйилади. Уни исми-шарифини ошкор қилишни хоҳламаган, Яқин Шарқда яшовчи харидор сотиб олади ва номини Al Raya деб ўзгартиради.

Al Raya, Алишер Усмоновнинг аввалги яхтаси / Фото: ruyachts.com

Украина ҳудудига бостириб киришини агрессия деб баҳолаган Европа Иттифоқи Россияга қарши кескин иқтисодий ва сиёсий санкциялар жорий эта бошлади. Кейин эса навбат Россия миллиардерларга етиб келди ва уларга қарши санкциялар эълон қилинди. Рўйхатдагилар орасида Алишер Усмонов ҳам бор.

2022 йил 2 март куни ОАВда Германия ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари туфайли Алишер Усмоновнинг Dilbar номли яхтасини хатловга олгани ҳақида хабар тарқалди. Бу пайтда нархи 800 миллион доллар баҳоланадиган яхта Ҳамбург портида жойлашган Blohm+Voss кемасозлик корхонасида қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун турганди.

Шунингдек, яна бир россиялик олигарх, «Роснефт» раҳбари Игор Сечинга тегишли дейиладиган Amore Vero яхтаси Франциядаги портда турганда хатловга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Орадан бироз ўтиб Ҳамбург шаҳар маъмурияти бу хабарни рад этди. Гарчи Dilbar’нинг хатловга олингани рад этилган бўлсада Россиянинг Украинага босқини туфайли бу хавф сақланиб қолаверади ва яхта исталган пайтда хатловга олиниши мумкин.

Игор Сечинга тегишли Amore Vero яхтаси / Фото: rbc.ru 

Хатловга олинган яхталарнинг тақдири нима бўлади?

Гарчи Усмоновга тегишли яхтанинг хатловга олингани рад этилган бўлсада унинг келгуси тақдири мавҳумлигича қолаверади. Чунки яхтани ҳозирги қалтис вазиятда Германиядан олиб чиқиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса Россия Украинадаги урушни давом эттираверса Усмонов ва Сечин ўз яхталаридан айрилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Агар уруш тўхтатилса ва Россия Украинадан қўшинларини олиб чиқса, маълум вақтдан сўнг яхталар соҳибларига қайтарилиши мумкин. Аммо бундай қарорлар Россиянинг Украина масаласида бундан кейин тутадиган хатти-ҳаракатларига боғлиқ.

Агар тарихдаги ўхшаш ҳодисаларга қаралса, аксарият ҳолларда хатловга ёки ҳибсга олинган турли транспорт воситалари, самолётлар, кемалар мусодара қилинган. Масалан, Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайнга тегишли Basrah Breeze суперяхтаси АҚШ бошчилигидаги коалиция таркибида Ироққа қарши урушган Саудия Арабистони томонидан ҳибсга олиниб, мусодара қилинган ва савдога қўйилган. Харидор чиқмагач, кейинчалик меҳмонхонага айлантирилган.

Саддам Ҳусайнга тегишли бўлган Basrah Breeze яхтаси / Фото: elmundo.es

Дунёдаги энг қиммат яхталарнинг кўпига россияликлар, Яқин Шарқ ҳамда Форс кўрфази давлатларида яшовчи бадавлат кишилар эгалик қилишади. Топ-10 рўйхатидаги энг қиммат яхталарнинг учтаси россиялик, яна учтаси араб бойларига тегишли.

Дунёдаги энг қиммат яхталар ва уларга эгалик қилувчи шахслар

Serene

Serene яхтаси / Фото: alamy.com

Serene яхтаси Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонга тегишли. Нархи – 330 миллион доллар. Яхта Бермуд оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Яхтанинг узунлиги 134, эни 18,5 метр. Умумий майдони 4 500 метр квадратни ташкил этади.

Яхта Италиянинг Fincantieri кемасозлик компанияси томонидан россиялик миллиардер Юрий Шафлернинг буюртмасига асосан қурилган. У 2011 йилда сувга туширилган. Россиялик миллиардер мазкур яхтага бир неча йил эгалик қилгач, уни Саудия шаҳзодасига сотган.

Яхтада тренажёр зали, бир нечта бассейн, кинотеатр, вертолёт қўниши учун иккита майдонча, шунингдек, сунъий қор қопланган махсус хона бор. Унда 55 кишилик экипажга хизмат кўрсатилади.

Dubai

Dubai яхтаси / Фото: серфингберд.ру

Dubai яхтаси Дубай амири Муҳаммад ибн Рашид ал Мактумга тегишли. Нархи – 400 миллион доллар.

Dubai яхтасини Германиянинг Blohm & Voss кемасозлик компанияси ясаган ва у 2006 йилда сувга туширилган. Яхтанинг узунлиги 162, эни 22 метрни ташкил этади. У узунлиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради.

Мазкур яхтада вертолёт қўниши учун майдонча, бассейн бор. Яхта амирнинг ёзги саройи кўринишида жиҳозланган. Яхтада 88 кишидан иборат экипажга хизмат кўрсатилади.

REV Ocean

REV Ocean яхтаси / Фото: cnn.com

REV Ocean норвегиялик миллиардер Кьелл Инге Реккега тегишли. Яхта 450 миллион долларга нархланади. У Норвегияда рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур яхтани Нидерландиянинг Oceanco кемасозлик компанияси қурган ва у 2019 йилда сувга туширилган. Бошқа қиммат яхталардан фарқли равишда REV Ocean ҳордиқ чиқариш учун қурилмаган. Шу сабабли унда кинотеатр ва бассейн йўқ, фақат вертолёт қўниши учун майдонча ҳамда илмий-техник жиҳозлар бор.

Мазкур яхтада асосан олимлар ва илмий ходимлар океан тадқиқотлари ишларини олиб боришади. Шу сабабли унда учта кичик тадқиқот кемаси бор ва улардан бири сувости кемаси ҳисобланади. Мазкур яхта 30 кишилик экипажга хизмат кўрсатади.

Crusing Yacht A.

Андрей Мелниченкога тегишли Crusing Yatch A. яхтаси / Фото: 24tv.ua

Crusing Yacht A. яхтаси россиялик Андрей Мелниченкога тегишли. Унинг нархи 500 миллион доллар бўлиб, Бермуд оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Уни Германиянинг Nobiskrug кемасозлик корхонаси қурган ва у 2015 йилда сувга туширилган. Яхтанинг узунлиги 142, эни 24,8 метр. Яхтада 54 нафар экипаж аъзолари хизмат кўрсатади.

Topaz

Topaz яхтаси / Фото: Sail-Cruise.ru

Topaz яхтаси Абу Даби амирлиги оиласи аъзоси Мансур Зайд ал Наҳаёнга тегишли. Яхта нархи 525 миллион доллар. У Кайман оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур яхтани Германиянинг Lurssen кемасозлик компанияси қурган ва у 2012 йилда сувга туширилган. Унинг узунлиги 147, эни 21,5 метр.

Яхтада кинотеатр, конференция зали, фитнес-зал, кинотеатр, вертолёт қўниши учун иккита майдонча, бассейн бор.

Crescent

Crescent яхтаси / Фото: hiveminer.com

Crescent яхтаси “Блэк Драгон Минералз” компаниясига тегишли. Яхта 600 миллион долларга нархланади. У Кайман оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Ушбу яхтани ҳам Германиянинг Lurssen кемасозлик компанияси қурган ва у 2018 йилда сувга туширилган. Яхтанинг узунлиги 135, эни 21 метрни ташкил этади.

Яхтада тренажёр зали, бассейн, кинотеатр, вертолёт қўниши учун иккита майдонча бор.

Azzam

Azzam яхтаси / Фото: imgrum.web

Azzam яхтаси Абу Даби амири Халифа ибн Зайд ибн Султон ал Наҳаёнга тегишли. Унинг нархи 620 миллион доллар.

Ушбу яхтани ҳам Германиянинг Lurssen кемасозлик компанияси қурган ва у 2013 йилда сувга туширилган.

Azzam дунёдаги қимматбаҳо яхталар орасида энг узуни ва йириги ҳисобланади. Унинг узунлиги 180, эни 20,8 метр. Унинг сатҳи иккита футбол майдонига тенг.

Dilbar

Dilbar яхтаси / Фото: hauteliving.com

Dilbar, юқорида айтганимиздек, россиялик миллиардер Алишер Усмоновга тегишли. У 800 миллион долларга нархланади. Яхта Кайман оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Ушбу яхтани ҳам Германиянинг Lurssen кемасозлик компанияси қурган ва 2015 йилда сувга туширилган. Узунлиги 156, эни 24 метрни ташкил этади.

Яхтани Алишер Усмонов онасининг исми билан номлаган. Dilbar яхтаси вертолёт қўниши учун иккита майдонча, кинотеатр ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа қулайликларга эга. Яхтанинг экипажи 80 кишидан иборат.

Eclipse

Роман Абрамовичнинг Eclipse яхтаси / Фото: автодизайн.обзор

Eclipse яхтаси яна бир рус миллиардери Роман Абрамовичга тегишли. Яхта 1,2 миллиард долларга нархланади. У Бермуд оролларида рўйхатдан ўтказилган.

Eclipse яхтасини Германиянинг Blohm & Voss кемасозлик компанияси қурган ва 2009 йилда сувга туширилган. Яхтанинг узунлиги 162,5, эни 21,5 метрни ташкил этади.

Яхтада концерт зали, учта ошхона, кинотеатр, иккита бассейн, рақс майдончаси, вертолёт қўниши учун иккита майдонча, техникалардан 2 вертолёт, 4 катер, 20 скутер бор.

Роман Абрамовичнинг яхтаси журналистлар томонидан “мега-яхта” деб аталади. Унда 70 кишилик экипажга хизмат кўрсатилади.

Historical past Supreme

Дунёдаги энг қиммат Historical past Supreme яхтаси / Фото: destinoinfinito.com

Historical past Supreme яхтасининг эгаси расман номаълум. Норасмий маълумотларга кўра, у малайзиялик миллиардерга тегишли. Яхта 4,8 миллиард долларга нархланади.

Historical past Supreme яхтаси Италиянинг Baia Yachts кемасозлик компанияси томонидан қурилган ва 2011 йилда сувга туширилган. Унинг узунлиги бор-йўғи 30 метр.

Historical past Supreme яхтасининг ўлчами кичик бўлгани учун унда бошқа йирик яхталардаги каби кинотеатр, вертолёт қўниши учун майдонча ва бассейн йўқ. Бундай кичик ўлчамдаги яхтанинг қиммат нархланишига сабаб: уни жиҳозлашда қимматбаҳо металлардан фойдаланилган.

Amore Vero

Amore Vero / Фото: dailymail.co.uk

Россиялик бой Игор Сечинга тегишли экани айтиладиган Amore Vero яхтаси гарчи энг қиммат яхталар ўнлигига кирмаса ҳам, ҳашаматда бошқа яхталардан қолишмайди. У 200 миллион долларга нархланади.

Мазкур яхтани ҳам Нидерландиянинг Oceanco кемасозлик компанияси қурган ва у 2012 йилда сувга туширилган.

Яхтанинг умумий сатҳи футбол майдонига тенг бўлиб, унда бассейн, вертолёт қўниши учун майдонча бор. Бундан ташқари, унда иккита йирик катер, битта сув остига шўнғиш аппарати бор.

Мазкур яхта аввалига Сечиннинг турмуш ўртоғи шарафига “Малика Олга” деб номланган. 2017 йилда у хотини билан ажрашгач, яхтанинг номи Amore Vero деб ўзгартирилди. Игор Сечиннинг ўзи яхта унга тегишли эмаслигини айтган бўлса-да, Ғарб ОАВ яхта унга тегишли эканини кўрсатувчи бир нечта далиллар борлигини таъкидлайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

[ad_2]

Supply hyperlink

Leave a Reply

Your email address will not be published.